Saytdagi oxirgi ma'lumot yangilangan sana: 29-ноябрь 2025, 19:35
 Bosh sahifa  Mobile versiya  RSS xabarlari

Президент.


​Тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантириш учун алоҳида дастур қабул қилинади.

Хаттотлик ва миниатюра санъати таълимини амалиёт билан боғлаш мақсадида миллий усулда қоғоз тайёрлаш бўйича ўқув ишлаб чиқариш устахонаси ташкил этилади.

“Яна бир муҳим масала – маданият ва санъат соҳасида таълим сифатини ошириш бўйича жиддий ўзгариш қилишимиз шарт”,
- деди Президент.

Мутасаддиларга мусиқа ва санъат мактаблари муаллимларининг ойлигини ошириш, ушбу мактабларнинг коммунал харажатларини бюджетдан қоплаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топширилди.

Умуман олганда, маданият ва санъат, кутубхона ва музейлар соҳасида фаолият олиб бораётган ходимларнинг ойликлари  2024 йил 1 апрелдан 20 фоизга, 2025 йил 1 январдан яна 15 фоизгача бўлган миқдорда оширилади.
Мусиқа ва рақс санъатини равнақ топтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади.

Жумладан, “Баҳор” рақс ансамбли илгари Филармония жойлашган машҳур санъат саройида фаолият юритади.

Таниқли ашула ва рақс ансамблларининг хорижга гастроль сафарлари кўпайтирилади.

Мусиқа ва рақс санъати масалаларини илмий ўрганиш, соҳада илмий кадрларни кўпайтириш мақсадида илмий тадқиқотлар учун грантлар жорий қилинади.

Шунингдек, Тошкент давлат цирки биносини таъмирдан чиқариш бўйича ҳам чора-тадбирлар кўрилади.
“Мақом санъатини ривожлантириш, уни қоронғуликдан ёруғликка олиб чиқиш йўлида жонбозлик кўрсатаётган санъаткорларимизга ҳар қанча раҳмат айтсак, арзийди”,
- деди Президент.

Халқ оғзаки ижоди дурдоналарини кенг тарғиб этиб келаётган бахшилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш эътибор марказида бўлади.

Мамлакатимиз фондларида сақланаётган 3 мингдан зиёд достон, мақом ва фольклор асарларини замонавий форматга ўтказиш кўзда тутилган.

Умуман, ушбу санъатни оммалаштиришда рақамлаштиришдан кенг фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Мақом, катта ашула, бахшичилик, атлас ва адрас, кулолчилик ва заргарлик каби 12 та ноёб маданий мерос намуналари бўйича анъаналарни давом эттирадиган мактаблар яратилади.
“Агар ҳозир “Қани, охирги бир ойда қайси театрга бордингиз, қандай янги китоб ўқидингиз?”, деб сўрасам, ўйлайманки, аксарият раҳбарлар хижолат бўлиб қолиши мумкин.

Ҳолбуки, раҳбар-етакчилар ижтимоий дунёқараш, маданий савия бўйича бошқаларга ўрнак бўлишлари керак”,
 - деди Президент.

Идора ва муассасаларда ойнинг бир кунини “Театр куни” деб эълон қилиш таклиф этилди. Ходимларнинг театрларга боришини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Маданият вазирлигига Театр санъатини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритиш топширилди.

Дастурда тарихий ва замонавий мавзулар бўйича энг яхши пьеса учун ижодий буюртма бериш, драматургларга 50 миллион сўмдан қалам ҳақи тўлаш, ижодий ва ёрдамчи ходимларнинг ривожланган давлатлар театрларида маҳорат оширишини йўлга қўйиш ҳамда ёш режиссёрларни қўллаб-қувватлаш учун Маннон Уйғур номидаги мукофотни таъсис этиш назарда тутилади.

“Мақом”, “Бахшичилик”, Ҳунармандчилик, “Лазги” каби халқаро фестивалларни ўтказиш йўлга қўйилди, 24 та хорижий мамлакатда “Ўзбекистон маданияти кунлари” юқори савияда ўтказилди.

Айниқса, Франция, Германия, Хитой, Саудия Арабистони каби давлатларда намойиш этилган миллий маданиятимизнинг ноёб намуналари дунё жамоатчилигини ҳайратга солди ва улар Ўзбекистонни ўзлари учун янгитдан кашф этди.

Бу ишлар давом эттирилиб, келгусида Италия, Буюк Британия, Қатар, Бирлашган Араб Амирликларида ҳам ана шундай кўргазмалар ташкил қилинади.

Кейинги йилларда ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига яна 9 та миллий меросимиз намунаси, Бухоро шаҳри эса “Ижодкор шаҳарлар тармоғи”га киритилди.

Шу йил сентябрь ойида ЮНЕСКО Бош қароргоҳида буюк бобомиз Абу Райҳон Беруний таваллуди халқаро миқёсда кенг нишонлангани ҳам муҳим воқеа бўлди.